Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш юкини камайтириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва ўзини ўзи бошқариш механизмини ривожлантириш орқали соҳалардаги профессионал жамоат бирлашмалари томонидан малака сертификатларини (аттестатларини) бериш шаффофлигини таъминлайдиган замонавий тизимини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хизматлар соҳасини барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-78-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Баҳоловчи ва риэлторлар малака сертификатини, баҳоловчи тоифа гувоҳномасини ҳамда суд бошқарувчиси малака аттестатини бериш тартибларини тасдиқлаш ҳақида» 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда баҳоловчилар ва риэлторларнинг малака имтиҳонларини ўтказиш ва уларга малака сертификатларини беришсуд бошқарувчиларга малака аттестатини ҳамда баҳоловчиларга тоифалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш Давлат активлари агентлигидан соҳадаги жамоат бирлашмалар (уюшмалар)га ўтказилди.

Мазкур қарорга мувофиқ:

Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага;

Риэлторларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага;

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низом  3-иловага;

Суд бошқарувчилари малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;

 Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари  5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши;

малака имтиҳонини мазкур қарор билан белгиланган тартибга мувофиқ имтиҳон ўтказиш учун тегишли соҳадаги жамоат бирлашмалари биргаликда имтиҳон марказларини ташкил этиши ёки ихтисослаштирилган юридик шахсларни шартнома (аутсорсинг) асосида жалб қилиши мумкинлиги;

малака имтиҳонининг ташкил этилиши, тавсия этилган материаллар  ва ўқув дастурлари, шунингдек, тест саволлари ва уларнинг жавоблари, малака имтиҳонлари натижалари ҳамда баҳоловчилар, риэлторлар ва суд бошқарувчиларининг малака сертификатларининг (аттестатларининг) амал қилиши тўхтатилгани, тугатилгани ёки бекор қилингани тўғрисидаги маълумотлар соҳадаги жамоат бирлашмалари ҳамда Давлат активлари агентлигининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилиши;

малака сертификатлари (аттестатлари) ва тоифага эга баҳоловчилар реестрлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан электрон шаклда юритилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Давлат активлари агентлиги зиммасига:

соҳадаги жамоат бирлашмаларига малака имтиҳонини ўтказишга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича техник ва услубий ёрдам кўрсатилишини, шу жумладан амалдаги имтиҳон ўтказиш электрон платформаси беғараз ўтказиб берилишини;

республиканинг барча ҳудудларида экстерриториаллик тамойили асосида малака имтиҳони ўтказилишини ташкил этиш ва талабгорларнинг малакасини ошириш мақсадида соҳадаги жамоат бирлашмалари билан биргаликда халқаро стандартлар ва дастурларга мос келадиган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва янгилаб боришини;

соҳадаги жамоат бирлашмалари билан биргаликда халқаро стандартлар тамойиллари асосида бозор конюктурасини ҳисобга олишни таъминлайдиган соҳага оид миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва янгилаб боришни таъминланиши белгиланди.

Шу билан бирга, соҳадаги жамоат бирлашмалари Давлат активларини бошқариш агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

ушбу қарор билан тасдиқланган Низомларга мувофиқ хизматларнинг Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали кўрсатилишни таъминлаши;

ЯИДХПда хизматлар кўрсатилишнинг ҳар қандай босқичида мурожаатларнинг қўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этиши;

хизматларни кўрсатиш учун зарур ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкаларини тасдиқлаши;

Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой муддатда баҳоловчилар, риэлторлар ва суд бошқарувчиларига берилган QR-кодли сертификатнинг (аттестатнинг) амал қилиш муддати тугаганлиги ёки амал қилиши тўхтатилгани ёхуд бекор қилинганлигини ушбу сертификатнинг (аттестатнинг) QR-кодини текшириш (сканер қилиш) орқали аниқлаш тизимини жорий этиши белгиланди.

Маълумот учун, бугунги кунда баҳолаш фаолияти соҳасида “Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси”, “Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти” ва “Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти” шунингдек, риэлторлик фаолияти соҳасида “Риэлторлик ташкилотлар ассоциацияси” ва “Ўзбекистон Риэлторлар гильдияси” профессионал жамоат бирлашмалари ҳамда суд бошқарувчилар соҳасида “Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси” фаолият  юритиб келадилар.

Для инспекций

Вниманию Инспекциям по регистрации субъектов предпринимательства!

Агентство по управлению государственными активами Республики Узбекистан для оказания им государственных услуг, определен перечень необходимых документов и информации, получаемых посредством информационного взаимодействия, с указанием государственных органов и иных организаций, предоставляющих данные документы и информацию.

Подробнее...

Курсы валют

Scroll to top